Юртимизда 15 сентябрдан бошланган «Ёнғиндан огоҳлик» умуммиллий бир ойлик кампанияси доирасида Давлат активларини бошқариш агентлигида ходимлар учун ёнғин хавфсизлиги бўйича семинар – тренинг ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миробод тумани Фавқулодда Вазиятлар бўлими масъуллари иштирок этиб, ходимларга ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ёнғинларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларни олдини олиш бўйича чора-тадбирлар юзасидан батафсил маълумот бердилар. Шунингдек, семинар давомида фавқулодда вазиятларда ходимларнинг тўғри ҳаракат қилиши, жисмоний имконияти чекланган шахсларни эвакуация қилиш тартиби ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Семинарнинг иккинчи қисмида «Шахсий ва жамоа ҳимоя воситалари» мавзуси ёритилиб, ходимларга нафас олиш органлари ва терини ҳимоя қилувчи воситалар, хусусан респираторлар, газниқоблар, махсус кийимлар ҳамда жамоавий ҳимоя иншоотларидан фойдаланиш тартиби тушунтирилди.
Машғулотнинг амалий қисмида ёнғин ўчириш воситаларидан фойдаланиш бўйича кўргазмали чиқиш ўтказилди. Ходимлар ўзлари ҳам ўт ўчиргич ёрдамида ёнғинни бартараф этиш бўйича машқ бажариб, амалий кўникмаларини мустаҳкамлашди.
Мазкур семинар-тренинг ходимларнинг ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, фавқулодда вазиятларда ўзини ва атрофдагиларни ҳимоя қилишга доир тайёргарлигини янада кучайтиришга хизмат қилди.