Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6099-сон ҳамда 2025 йил 19 июндаги “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–95-сон Фармонларига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва оммавий спортни ривожлантириш доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан, Давлат активларини бошқариш агентлигида спортчи, мураббий, диетолог ва мотиватор, “Nero fit” спорт мажмуаси асосчиси, Ўзбекистон фитнес ва бодибилдинг федерацияси аъзоси Ахад Худаяров иштирокида давра суҳбати ташкил қилинди. Тадбирда Давлат активлари агентлиги марказий аппарати, ҳамда тизим ташкилотлари ходимлари иштирок этди.
Маъруза давомида Ахад Худаяров соғлом турмуш тарзининг уч асосий йўналишига алоҳида тўхталди. Унга кўра, тўғри овқатланиш инсон учун энергия ва саломатлик манбаи ҳисобланади. Мунтазам жисмоний машқлар эса интизом ва кучни шакллантиради. Психологик барқарорлик эса ҳар қандай соҳада муваффақиятга эришишнинг асосий калити эканини таъкидлади.
Шунингдек, у замонавий офис шароитида соғлом одатларни шакллантириш, вақтни тўғри тақсимлаш, зарарли одатлардан воз кечиш ва мотивацияни йўқотмаслик бўйича амалий тавсиялар берди.
Давлат активлари агентлиги ходимлари билан ўтган суҳбат жараёнида спортнинг нафақат танани чиниқтириш, балки интизом, сабр-тоқат ва профессионал ютуқларга эришишда муҳим омил эканига алоҳида урғу берилди.
Тадбир якунида эса ходимлар Ахад Худаяровга ўзларини қизиқтирган саволларни йўллаб, кундалик ҳаётда соғлом турмуш тарзини қўллаш бўйича фойдали тавсиялар олдилар.