Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

26 Сентябрь 2025

“Бойсункўмир” МЧЖни очиқ савдо жараёнида 4 нафар халқаро ва маҳаллий компаниялар қатнашмоқда

Жорий йил 15 августдаги эълонга мувофиқ“Бойсункўмир” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини (кейинги ўринларда — Корхона) сотиш бўйича очиқ савдо жараёнлари бошланган.

 

Ўтган даврда, мазкур хусусийлаштириш жараёни бўйича амалга оширилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот тадбирлари доирасида, Давлат активлари агентлиги томонидан жалб этилган “Alkes Research”  компанияси (кейинги ўринларда — Консультант) томонидан салоҳиятли ва молиявий инвесторларга Корхона бўйича инвестиция тизерлари юборилди.

 

Натижада, белгиланган муддат — 2025 йил 20 сентябр соат 23:59 (Тошкент вақти)га қадар 4 та халқаро ва маҳаллий инвесторлардан Корхонани сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар (EoI) Консультантга келиб тушди.

 

Консультант томонидан аризалар мазкур босқичда белгиланган мезонлар асосида таҳлил қилинди. Таҳлил натижаларига кўра, Консультант томонидан барча талабгорлар ушбу мезонларга тўлиқ мувофиқ деб топилди ҳамда хусусийлаштириш жараёнининг кейинги – Мажбуриятга эга бўлган таклифларни (BO) қабул қилиш босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинади. Талабгорларга жараён тўғрисидаги батафсил маълумот алоҳида индивидуал хат (Process Letter) орқали Консультант томонидан юборилади.

 

Навбатдаги босқич тўғрисида:

 

Корхонани сотиб олиш бўйича қизиқиш билдирган барча талабгорлар:

  • Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA)ни имзолашлари талаб этилади;
  • Консультант томонидан тайёрланган Корхонанинг молиявий, юридик ва операцион фаолиятига оид маълумотлар, шунингдек, аналитик ҳисоботлар жойлаштирилган виртуал маълумотлар хонасига (VDR) кириш имконияти яратилади;
  • Корхонага ташриф буюрган ҳолда бошқарув органи ва унинг фаолияти билан танишиш имкониятига эга бўлади.

 

Консультант томонидан Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) 2025 йил 27 октябрь соат 23:59 (Тошкент вақти) га қадар қабул қилинади.

 

Шу билан бирга, мазкур муддатга қадар талабгорлар томонидан “E-auksion” электрон савдо платформасида очиладиган шахсий кабинетлари орқали Мажбуриятга эга бўлган таклифларининг камида 1 фоизини кафолатли тўлов (закалат) сифатида ўтказиш талаб этилади. Бунда, мазкур кафолат тўлови (закалат) жараён якунида иштирокчиларга қайтарилади, хусусийлаштириш жараёни ғолиби бўлган талабгорнинг кафолат тўлови (закалати) – сотиб олиш тўловининг бир қисми сифатида Хусусийлаштириш жамғармасига ўтказилади.

 

“E-auksion” электрон савдо платформасида очиладиган шахсий кабинет ва ҳисоб-рақам кўрсаткичлари Консультант томонидан иштирокчиларга юбориладиган жараён тўғрисидаги индивидуал хат (Process Letter) орқали етказилади.

 

Давлат активлари агентлиги хусусийлаштириш жараёнларига қизиқиш билдирган ва аризалар топширган барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдиради ҳамда Корхонани сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш босқичидан муваффақиятли ўтган талабгорлар билан жараённинг навбатдаги босқичида конструктив ҳамкорликка ишонч билдиради.

 

Дисклеймер

Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон-бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган Давлат активлари агентлиги ва “Alkes Research”нинг Корхонанинг сотиш билан боғлиқ бирор-бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. Давлат активлари агентлиги ва “Alkes Research” ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай муносабатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:

(i) аризалар бериш муддатига ўзгартириш киритиш;

(ii) савдо жараёнларининг босқичлари бўйича ўзгартириш киритиш;

(iii) турли хил манфаатдор томонлар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки Давлат активлари агентлиги ва “Alkes Research” томонидан кўзда тутилган режа-жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;

(iv) ҳар қандай сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш;

(v) ва/ёки исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Савдога тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади.

1 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech